Konferensiya
Volume None, Issue 1, 2026
© The Author(s) 2026 · https://doi.org/10.5281/zenodo.24009260
Download PDF

Research Article

Гиёҳванд воситаларнинг мамлакатимиз ҳудудига кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан амалга оширилаётган чора тадбирлар таҳлили

Шукуров Шермуҳаммад

Abstract

Мазкур тезисда гиёҳвандлик ва гиёҳванд воситаларининг ноқонуний айланмаси жаҳон ҳамжамияти ҳамда Ўзбекистон Республикаси олдида турган долзарб муаммолардан бири сифатида таҳлил қилинди. Аҳоли саломатлиги, жамият хавфсизлиги ва миллат генофондига солинаётган жиддий таҳдидлар очиб берилган. 2025 йил 3 ноябрда қабул қилинган “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва аркожиноятлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ПФ–207 Фармонининг мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифалари ёритилди. Шунингдек, амалдаги жиноят қонунчилигида гиёҳвандликка оид жиноятлар учун белгиланган жазо чораларининг нисбатан енгиллиги, ушбу жиноят турларининг, айниқса ёшлар орасида, ортишига сабаб бўлаётгани асослантирилди.

Keywords: гиёҳвандлик; наркожиноятчилик; гиёҳванд воситаларнинг ноқонуний муомаласи

Бугунги кунда гиёҳванд воситаларининг ноқонуний айланмаси жаҳон ҳамжамияти олдида турган энг долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Ушбу иллат инсон саломатлигига, жамият хавфсизлигига ва мамлакат тараққиётига жиддий таҳдид солади. Шу боис мамлакатимизда гиёҳванд воситаларнинг ҳудудимизга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 03.11.2025 йилда “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан ҳимоя қилиш тўғрисида” ПФ-207 қабул қилинди.

Ушбу фармон 2024–2028 йилларга мўлжалланган Гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш миллий стратегияси доирасида қабул қилинган бўлиб, аҳоли, айниқса ёшлар саломатлигини ҳимоя қилишни асосий мақсад қилиб қўяди. Шунингдек, фармонда: гиёҳвандлик ва уюшган наркожиноятчиликка қарши курашишни янги босқичга олиб чиқиш, ёшлар ва вояга етмаганларни наркотик ва психотроп моддалардан ҳар томонлама муҳофаза қилиш, давлат органларининг масъулиятини кескин ошириш белгилаб қўйилган. Фармон гиёҳвандликка қарши курашишда қатъий жазо, рақамли назорат, профилактика ва жамоавий масъулият тамойилларига асосланиб, миллат генофондини ҳимоя қилишга қаратилган кенг қамровли давлат сиёсатини белгилайди.

Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш бўйича Марказий Осиё минтақавий ахборот- мувофиқлаштириш маркази томонидан аъзо давлатларнинг ҲМҚОси томонидан аниқланган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорларининг ҳар ҳафталик ҳисоботи эълон қилинади.

2025 йилнинг 21-30 ноябрь кунлари ОAВ, CARICCга аъзо Марказий Осиё давлатларнинг ҲМҚО маълумотлари асосида ноқонуний муомалада бўлган 790,74 кг гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар, шу жумладан: 40 кг героин, 0,99 кг опий, 0,6 кг кокаин, 715,21 кг наша, 31,69 кг синтетик гиёҳвандлик воситалари, 2,25 кг кучли таъсир қилувчи моддалар олиб қўйилди. Худди шу даврда Европа давлатлари бўйича 41 891 кг гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйилган, жумладан: 550 кг героин, 37 255 кг кокаин, 2 887 кг наша, 1 178 кг синтетик гиёҳвандлик воситалари ва 21 кг кучли таъсир қилувчи моддалар.

Ҳисоботга кўра, фақат Республикамиз ҳудудида:

2025 йил 22 ноябрь куни Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳудудий божхона бошқармаси ва ички ишлар органлари ходимлари билан биргаликда Самарқанд вилояти Ургут туманида махсус тезкор тадбир ўтказди. Ушбу тезкор тадбир давомида туманда яшовчи, 1966 йилда туғилган фуқаро қўлга олинган. 993 грамм еса вақтинча сақловга олинган гиёҳвандлик воситаси шартли харидорга 15 000 AҚШ доллари евазига сотаётганлиги аниқланган. Терговга қадар текширув давомида мазкур гиёҳвандлик воситалари Ўзбекистонга Тожикистондан олиб келинганлиги аниқланган.

2025 йил 25 ноябрь куни ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан Наманган шаҳрида махсус тадбир ўтказилган. Олиб борилган тезкор тадбир давомида Чорсу маҳалласида жойлашган чойхонанинг ички қисмида гиёҳванд воситаларни сақлаш жойи ташкил етилгани аниқланган. Тадбир давомида 35 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситаси, гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилиш учун зарур бўлган қўлбола ясаш воситалари топилиб, ашёвий далил сифатида олинган.

2025 йил 26 ноябрь куни Тошкент туманидаги “Навоий” чегара божхона постида синтетик гиёҳванд воситани олиб ўтишга уринган шахслар қўлга олинган. Тошкент шаҳри ва Фарғона вилоятининг Бағдод туманида яшовчи фуқарога тегишли иккита узатма қутиси кўздан кечирилганда, оғирлиги 4,97 кг синтетик “Клефедрон” препарати аниқланди. Тадбир давомида Тошкент шаҳрида ушбу моддани олишлари керак бўлган яна уч нафар фуқаро қўлга олинди. Маълум бўлишича, ушбу гиёҳвандлик воситалари мазкур моддалар савдоси билан шуғулланувчи Россия фуқароси томонидан турли хабар алмашиш иловалари орқали юбоирилганлиги аниқланган. Бундан ташқари, Зангиота туманида яшовчи фуқаронинг уйидан 5 килограмм, Қибрай туманида яшовчи фуқаронинг уйидан 2,33 килограмм “марихуана” гиёҳвандлик воситаси аниқланган.

2025 йил 29 ноябр куни Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ИИБ ва ҳудудий божхона бошқармаси ходимлари билан биргаликда Фарғона шаҳрида махсус тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида, Фарғона ва Aндижон шаҳарларида яшовчи психотроп дори воситалари тарқатаётган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди. Aниқроғи, Aндижон вилояти Қўрғонтепа туманида яшовчи жиноий гуруҳнинг икки нафар аъзоси 4508 дона “Регапен” психотроп дори воситасини мижозларга сотаётган вақтида ушланган. Улар ушбу миқдордаги психотроп дори учун жами 12 800 доллар олишни режалаштирганлиги маълум бўлган.

Бундан ташқари жори йилнинг декабрь ойи давомида, “Тошкент-Аэро” ИБК ходимлари томонидан почта жўнатмаси сифатида юборилган спорт озуқасининг ичига яширилган 1200 дона “прегабалин” кучли таъсир қилувчи моддаси, “Бекобод- авто” чегара божхона пости ходимлари томонидан аниқланган 30кг.10гр “опий” гиёҳвандлик воситаси, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан аниқланган 706 дона “регопен” кучли таъсир қилувчи дори воситасиларининг ноқонуний вайланмасига чек қўйилди.

Мазкур фармон қабул қилинишига қарамай, бу каби ҳолатларнинг такорланишига жазо чораларининг нисбатан енгиллиги сабаб бўлмоқда деб ҳисоблаймиз.

Амалиётда Ўзбекистонда гиёҳвандлик воситаларининг муомаласи (ЖКнинг 270 ва 276 моддаси) билан боғлиқ жиноят қилган шахсларга енгиллроқ жазо чораларини қўллаш кузатилмоқда.

Маълумот учун: ЖКнинг 270-моддаси (Тақиқланган экинларни етиштириш). Тақиқланган экинларни, яъни кўкнор ёки мойли кўкнор, каннабис ўсимлиги ёхуд таркибида гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддалар бўлган экинларни қонунга хилоф равишда экиш ёки етиштириш БҲМнинг 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, 276-модда. (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар)

Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, эгаллаш, ташиш ёки жўнатиш — БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўзбекистонда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ ЖК билан белгиланган нормаларга нисбатан жазо чораларининг енгиллиги бу турдаги жиноятларнинг ошишига, шу жумладан ёшлар орасидаги наркотик моддалари истъмолининг кўпайишига олиб келади.

Шу муносабат билан қуйидагиларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ:

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 207 ва 276 моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, хусусан:

270-модда. Тақиқланган экинларни етиштириш

Тақиқланган экинларни, яъни кўкнор ёки мойли кўкнор, каннабис ўсимлиги ёхуд таркибида гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддалар бўлган экинларни қонунга хилоф равишда экиш ёки етиштириш —

БҲМнинг 50 (амалда 25) бараваридан 100 (амалда 50) бараваригача миқдорда жарима ёки тўрт юз саксон соатгача (амалда 360) мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд икки (амалда бир) йилдан тўрт (амалда уч) йилгача озодликни чеклаш ёки беш (амалда уч) йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракат:

а) илгари гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятни содир этган шахс томонидан;

б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;

в) ўртача катталикдаги экин майдонида содир этилган бўлса, —

БҲМнинг 100 (амалда 50) бараваридан 200 (амалда 100) бараваригача миқдорда жарима тўрт (амалда уч) йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

276-модда. Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар

Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, эгаллаш, ташиш ёки жўнатиш —

БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача (амалда 50 бараваригача) миқдорда жарима ёки тўрт юз саксон (амалда 360) соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бугунги кунда гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашишда қатъий қонунчилик чоралари, самарали профилактика, ёшлар онгида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда замонавий рақамли ва ташкилий механизмларни жорий этиш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Айниқса, вояга етмаганлар ва ёшларни гиёҳвандлик иллатидан ҳимоя қилиш устувор вазифа бўлиб қолмоқда.

Шу маънода, гиёҳвандликка қарши курашишга қаратилган комплекс чора- тадбирларнинг изчил амалга оширилиши аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни тарбиялаш ва мамлакатнинг барқарор тараққиётини таъминлашга хизмат қилади. Фақатгина биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқалигина ушбу хавфли иллатга қарши самарали натижаларга эришиш мумкин.

Фойдаланилган адабиётлар.

1. 03.11.2025 йилдаги “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан ҳимоя қилиш тўғрисида” ПФ-207-сонли фармон, https://lex.uz/docs/7818774;

2. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси, https://www.lex.uz/acts/111453

3. www.caricc.org сайти;

4. https://upl.uz/incidents/58120-news.html

5. https://www.xabar.uz/ru/hodisa/4-kg-narkotika-klefedron-otpravlennogo-iz-rossii

6. https://upl.uz/incidents/58268-news.html

7. https://upl.uz/incidents/58339-news.html

This HTML text is generated automatically from the published PDF for easier reading, search and indexing. Tables, figures and formulas are shown only in the PDF, which is the version of record.